Мария Шарапова теннисдан кетди: Хайр теннис, салом рақс!

0
74

Россиялик афсонавий теннис устаси Мария Шарапова теннисчилик фаолиятига якун ясашини маълум қилди. Vanity Fair эса спортчининг мухлисларга йўллаган хайрлашув мактубини эълон қилди. «Дарё» ушбу мактубнинг таржимасини тўлиқлигича тақдим этади.

Ўзинг учун қачондир ягона ҳаёт деб билган нарсанг билан қандай қилиб хайрлашиш мумкин? Болаликдан бери шуғулланиб келган кортлардан (теннис майдони), қувонч ва таърифлаб бўлмас бахтни тақдим этган ўйиндан қандай кетиш мумкин? Спорт, сенинг ортингда 28 йил давомида тоғ бўлиб келган мухлисларни қаердан топдинг?

Мен бунда янгиман, шундай экан кечирарсан мени. Теннис, кечир мени!

Охирига етишдан олдин ҳаммасини аввало бошидан бошлашга рухсат бергайсиз. Теннис кортини биринчи марта унда отам ўйнаётган вақтда кўрганман. Ўшанда 4 ёшда эдим. Бу ҳолат Сочида рўй берганди. Шу қадар кичкина эдимки, оёқларим майдон четида ўтирган ўриндиғимдан осилиб турарди. Ҳатто ёнимдаги ракетка ҳам мендан 2,5 баравар катта эди. 6 ёшимда дунёнинг ярмини кесиб ўтиб отам билан Флорида (АҚШ)га келдик. Ўшанда бутун дунё кўзимга улкан кўринганди. Самолётлар, аэропортлар, Американинг бепоён ҳудуди. Ҳаммаси ажойиб эди — худди ота-онамнинг мен учун қилган қурбонлиги каби.

Теннис ўйнашни бошлаган вақтимда теннис тўрининг нариги тарафидаги рақибаларим мендан катта, бўйи узун ва кучли бўлган. Ўшанда телевизорда кўрган буюк теннисчиларим менга етиб бўлмас маррадек туюлган. Лекин секин-аста ҳар кунлик машғулотлардан сўнг ушбу афсона реал ҳақиқатга айлана борди.

Биринчи теннис кортларим хира чизиқлар тортилган, нотекис бетондан иборат бўлган. Шундан сўнг у кир тупроқ, кейин эса ям-яшил майсали майдонга айланди. Унга оёқ қўйишнинг ўзи кифоя эди. Аммо шуниси аниқки, ёввойи орзуларимда ҳам энг катта мусобақаларнинг барчасида ғолиб бўла олишимни тасаввур қилмаган эдим.

Ҳаммасини бошлаш учун «Уимблдон» энг маъқул жой эди. У вақтларда ҳали ҳам маркалар йиғадиган, ғалабалар таъмини ҳис қилмаган, катта бўлишга улгурмаган 17 ёшли қизалоқ эдим. Буни ўша вақтда англамаганимдан эса ҳозир жуда ҳам хурсандман.

Устунлигим шунда эдики, ўзимни ҳеч қачон бошқа ўйинчилардан бир бош баланд ҳис қилмасдим. Негаки доим ўзимни ҳар доим пастга шўнғиб кетиш мумкин бўлган чегарада тургандек ҳис этардим. Шу боисдан доим кортга қайтардим. Нима учун? Қандай қилиб ҳаммасини ортга қайтаришни ўйлаб, англаб олиш учун.

US Open эса ҳамма кутаётган ва чалғитадиган нарсаларни қандай қилиб енгиш мумкинлигини ўргатди. Агар Нью-Йоркдаги хаосдан халос бўла олмасангиз (масалан, теннис корти шундоққина аэропортнинг олдида жойлашган эди) — шунчаки хайрлашишга тўғри келади.

Australian Open каминада олдин бўлмаган юксак ишонч ҳолатини берди. Баъзи одамлар бу ишончни «тўлқин» ҳам деб атайди. Тушунтириб бера олмайман-у, аммо у билан бўлиш ёқимли эди.

«Роллан Гаррос»нинг тупроқли кортлари эса барча заиф жиҳатларимни очиб берди. Масалан, мен бундай кортларда «сузиш»га қодир эмасдим, бироқ ушбу мусобақа барчасини енгишга ёрдам берди. Яъни икки марта! Бу ҳам жуда ёқимли эди.

Бу кортлар асл табиатимни юзага чиқарди. Фаолиятимда муваффақиятга эришишимда ҳеч қачон ортга ва ҳеч қачон олдинга қарамаганим муҳим рол ўйнади. Аммо теннисни буткул эгаллашнинг иложиси йўқ: шунчаки у талаб қиладиган нарсани бажариш лозим. Бу орқали эса мияга қуйидаги фикрлар келаверади:

Кейинги рақибга қарши етарлича ёки керагидан ортиқ тайёргарлик кўрдингми?

Бир неча кун дам олдинг, энди жиддийлигинг йўқолади.

Пицсанинг ортиқча бўлаги? Ундан кўра тонгги машғулотлардан кўпроқ ишла!

Ушбу овозларнинг аломатлари пайдо бўлишидан то якунига қадар чидадим.

Улардан бири ўтган йили августдаги US Open вақтида пайдо бўлди. Кортга чиқишдан 1,5 соат олдин ёпиқ эшиклар ортида елкамдаги оғриқларни бартараф этиш учун муолажаларни амалга оширдик. Ҳаммаси ўйинда қатнашиш учун эди. Елкамдаги жароҳатлар мен учун янгилик эмас. Вақти-вақти билан боғламлар сим каби ишқаланиб турарди. Бир нечта жарроҳлик амалиётини амалга оширганман. Улардан бири 2008 йилда, бири эса ўтган йили. Кўплаб ойларни физиотерапия билан ўтказишга мажбур бўлдим.

Ўша куни кортга чиқишнинг ўзиёқ менга сўнгги ғалабам сингари кўринди, бироқ бу, албатта, ғалаба қозониш учун биринчи қадамнинг ўзи бўлиши керак эди, холос. Буни вазиятни тушунтириш ёки юмшатиш учун эмас, балки янги воқеликни англатиш учун айтмоқдаман: танам мен учун муаммога айланганди.

Фаолиятим мобайнида ҳеч қачон бундай савол бермаганман: «У шунга арзийдими?». Чунки якунда у бунга арзиши ойдинлашарди. Руҳий бардамлик ҳар доим асосий қуролим бўлиб хизмат қилган. Ҳаттоки рақибларим жисмоний ва руҳий жиҳатдан устун бўлса-да, мен сабр қилардим. Уларга бардош бера олардим. Оқибатда эса ғалаба қозонардим.

Ҳеч қачон ишдаги саъй-ҳаракатлар, ўжарликлар ҳақида гапирмаганман. Ҳар қайси спортчи жим туриб қилинган қурбонликлар муваффақият сари етаклаб боришини билади. Мукамалликка интиладиган йўл бошидагиларга эса шуларни айтмоқчиман: сизни олдинда юзлаб муваффақиятсизликлар кутмоқда, бунга бутун дунё гувоҳ бўлади. Камтар бўлинг, ўзингизга ишонинг. Ҳамма нарсани енга олишингизга ваъда бераман.

Теннисга ҳаётимни бағишладим, бироқ у айнан менга ҳаёт берди. Уни ҳар куни соғиниб қоламан. Машғулотларни, жамоани, мураббийларни соғинаман. Отам билан машғулот майдони ёнида ўтирган вақтларимизни соғиниб қоламан. Ғалаба ва мағлубиятлардан сўнг қўл сиқишларимизни соғинаман. Улар биладими ёки йўқ, айнан шу нарсалар мени энг яхши жисмоний ҳолатимга олиб чиққан.

Ортга назар солар эканман, теннис менинг қаҳрамоним бўлганини кўряпман. Водийлар ва қир-адирларда қолдирилган изларга юқоридан қараш ажойиб эди. Бироқ орадан 28 йил ўтди ва 5 та «Улкан тож» соврини, энди эса янги чўққиларни эгаллашга тайёрман.

Ғалабаларга чанқоқлик? У ҳеч қаерга кетмайди. Олдинда мени нималар кутиб турганидан қатъи назар уларга диққат-эътибор худди аввалгидек меҳнатсеварлик билан ёндашаман. Ўз йўлимда олган дарсларимдан фойдаланаман. Ҳозир эса бир нечта оддий нарсаларни кутяпман. Жумладан, оила билан бирга тинч, хотиржам бўлиш ҳиссини. Тонгги қаҳва устида бемалол биргаликдаги ўтиришларни кутяпман. Ўзим танлайдиган машғулотларни кутяпман (салом, рақс!).

Теннис менга нимадан яралганимни кўрсатди. Шундай тарзда мен ўзимни ва бўйимни ўлчаб кўрдим. Энди нима қилсам ҳам, менинг янги суянган тоғим нима бўлса ҳам олға боришда давом этаман. Ўсишда давом этаман.

Мария Шарапова, собиқ теннисчи.

Мария Шарапова — 1987 йил 19 апрель санасида Тюмен вилоятида туғилган. «Улкан тож» туркумидаги 5 та мусобақада ғолиб чиққан. Дунёнинг собиқ биринчи рақамли теннисчиси. WTA туркумидагида 39 та мусобақада ғалаба қозонган. 2012 йилги Лондон Олимпиадасининг яккалик баҳсларида бронза медал соҳиби.

Бу ҳақда aniq.uz ҳабар бермоқда.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ