Анвар Санаев — Беш йиллик биринчи «запрет» амалдорнинг тўйи билан боғлиқ (видео)

0
82

Бу ҳақда zamin.uz
ҳабар беради.


Хонанда Анвар Санаев «Дарё» интернет-нашрига эксклюзив интервью берди. Интервьюни журналист Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.
Суҳбат давомида Анвар Санаев Бухорога «каттакон» амалдорнинг хизматига текинга бормагани учун беш йил давомида «запрет»да юргани ҳақида гапириб берди.

— Ҳозир очиқчасига айтиб бераман, чунки бу савол фақат ичимизда бўлиб келган. Давр шунақа эди, ўтган даврда бунақа нарсаларни гапириб бўлмас эди. Гапирсанг яна битта ‘запрет’га учрар эдинг. Ҳозирги вақтда Президентимизга раҳмат, бошлари омон бўлсин, мана очиқ гапира оладиган замонлар келди, минг шукр.

Давлат раҳбарларидан биттасини тўйига айтишди. ‘Бухорога бориб ўша тўйни ўтказиб келасан’, дейишди. ‘Майли, ҳаракат қиламиз’, дедим. ‘Бу учун сенга ҳеч қанақа пул тўланмайди, ўзинг бориб, ўтказиб, ўзинг қайтиб келасан’ дейишди. ‘Қанақасига, мен ёнимдаги болаларга ҳам ўзим пул тўларканманда’, десам, ‘ҳа, шундай қиласан’, дейишди. Бир катта одам шу гапни айтди, ҳозир у кишини номини айтсам, хафа бўлиб қолишлари мумкин, уларда ҳам оила, бола-чақа бор, шунинг учун номини айтмаганим маъқул.

‘Ҳеч бўлмаса самолётга билет қилиб беришсин, биз бориб, хизмат қилиб келайлик, майли пул берилмаса берилмасин, раҳбар экан’ дедим. ‘Йўқ, ундай қилинмайди, ўзинг бориб келасан’, дейишди.

Тўй бўлиш санасини уч ой олдиндан айтишган эди, белгилаб қўйгандим. Тўйга яқин қолганда ‘эртага тўйга бориш керак’, дейишди, ‘ҳеч бўлмаса бориб-келишга техникани қилиб беришсин, ўша тўйни деб бошқа тўй олмаганман, шунчалик керак эканман бораман’, дедим. ‘Ҳеч қандай техника қилиб берилмайди, хоҳласанг иккита ‘Жигули’ қилиб берамиз’, деб пастга уришяпти, йўл узоқ. ‘Ҳеч бўлмаса самолёт қилиб беришса борамиз’, дедим. ‘Ўзинг биласан, лекин сенга яхши бўлмайди’, дейишди. ‘Майли бошга келганини кўрамиз’, дедим.

Эртаси куни телевидениедан тел қилиб, ‘нима иш қилган эдинг, бизга сени исминг билан ‘запрет’ деган нарса келди. Жиддий одамлар экан, раҳбарлардан, маслаҳатчилардан экан, ўзига ҳеч нарса деманглар дейилди’, деди. Шу билан беш йил ҳеч қаерга чиқа олмадим. Ҳаммага оғзаки айтиб қўйилган. Шу беш йил ичида ҳамма ‘нега кўринмаяпсиз, эфирга чиқмаяпсиз’, деб сўрашади. Тушунтиришга, гапиришга рухсат йўқ. Ҳеч кимга ҳеч нарса дея олмайсиз.

Бир инсонга ҳавони тўхтатиб қўйишса қандай бўладиган бўлса, санъаткорга ҳам эфир шу даражада керакли вақтлар эди ўшанда. Интернет йўқ, телеканаллар саноқли эди. Шунақа даврлар эди. Биринчи «запрет»им беш йил давом этган, — дейди Анвар Санаев.

Маълумот учун, Анвар Санаев бугунги кунгача 1000 дан ортиқ турли концерт заллари, стадионларда яккахон концерт дастурларини тақдим этган. АҚШ, Германия, Россия Федерацияси ҳамда Ҳиндистон давлатларида ҳам яккахон концерт дастурларини тақдим этган. Хонанданинг 20 дан ортиқ мусиқий альбомлари, 200 дан ортиқ муаллифлик қўшиқлари бор.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ