Коронавирус 48 давлатга тарқалди: Макка зиёратчилар учун ёпилган, Италияда вирус авж олмоқда

0
92

Бу ҳақда zamin.uz
ҳабар беради.


Фото: BBC.com
Коронавирус келтириб чиқарган Covid-19 эпидемияси Хитой ташқарисида тарқалишда давом этмоқда. 27 февраль ҳолатига кўра, вирус Хитойдан ташқари яна 47 мамлакатга етиб борган, касалланишнинг камида 82164 ҳолати мавжуд, уларнинг аксарияти Хитойнинг материкдаги қисмида қайд этилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вирус бошқа мамлакатларда ХХРдагига қараганда тезроқ тарқала бошлаганини маълум қилган.

Италияда янги Covid-19 коронавирусини юқтирганлар сони сўнгги кунда учдан бир қисмига кўпайди ва ҳозирги вақтда вирусдан зарарланганлар сони 453 кишини ташкил этмоқда. Саудия Арабистони эҳтиёткорлик чоралари доирасида зиёратчиларнинг Маккага киришини тўхтатди.

Вирус бутун дунё бўйлаб 2804 киши ҳаётига зомин бўлди, 32872 киши вирусдан касаллангач, соғайган.

Италияда нималар бўлмоқда ва айб касалхоналардами?
Аксарият касалланиш ҳолатлари Италиянинг шимолий саноат минтақаларида, жумладан маркази Милан бўлган Ломбардияда кузатилмоқда. Аниқланган ҳолатлар сони бўйича иккинчи ўринда Венеция ва унинг атрофидаги туманлар жойлашган. Беморлар сони сўнгги кун давомида учдан бир қисмга кўпайди: сешанба куни кечқурун вируснинг 323 ташувчиси, 12 ўлим ва 3 тузалиш ҳолати эълон қилинганди.

Энди Миланда тиббий ниқоб таққан одамларни учратиш ноёб ҳодиса эмас / GETTY IMAGES
Ҳукумат вакиллари касаллик тарқалишининг олдини олиш учун барча имкониятларни ишга солаётганликларини айтишмоқда. Мамлакат бўйлаб барча мактаблар, университетлар ва кинотеатрлар ёпилмоқда ва оммавий тадбирлар бекор қилинган.

Умумий аҳолиси 55 минг кишидан иборат бўлган бир неча шаҳар карантин учун ёпилган. Кўпчилик коронавирус тарқалиши Италия иқтисодиётида пасайишга олиб келиши мумкин деган хавотирда.

Италия прокуратураси Ломбардия касалхоналарини тафтиш қилишни бошлади. Аввалроқ ОАВда шифохоналардан бири «суперюқтирувчи»га айланган беморни (вирусни бошқаларга қараганда кўпроқ одамларга юқтирадиган беморлар) кўрикдан ўтказгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Шундан сўнг бош вазир Жузеппе Конте шифохоналардан бирининг ходимларини бепарволикда айблаб, танқид қилди. Бу қайси шифохоналигига аниқлик киритилмади.

Ломбардиянинг Кодоньо шаҳридаги 150дан ортиқ инфекция ҳолати матбуотда Маттиа деб аталаётган 38 ёшли эркак билан боғланмоқда. У Кодоньодаги касалхонага ётқизилган, аммо бунгача у вирусни ҳомиладор рафиқаси, дўсти, барга ташриф буюрган уч нафар кекса меҳмонга юқтирган, шунингдек ярим-марафонда югурган, футбол ўйнаган.

Расмий талқинга кўра, Маттиага вирус қандайдир хитойлик кема эгасидан юққан. Расмийлар бошқа тафсилотларни ошкор этишмаган.

Бошқа ҳолатлар
Reuters маълумотига кўра, сўнгги бир кун ичида Бразилия, Покистон, Швеция, Норвегия, Греция, Руминия, Жазоир, Дания ва Грузияда вирусдан зарарланишнинг илк ҳолатлари тасдиқланди. Эндиликда коронавирус Антарктидадан ташқари барча қитъаларга тарқалган.

Жанубий Кореяда инфекцияланишнинг 334та янги ҳолати қайд этилди ва зарарланганлар сони 1595 кишига етди, 13 киши ҳалок бўлган. Хитойдан ташқаридаги энг кўп касал айнан шу мамлакатда аниқланган. АҚШ ва Жанубий Корея қўшма ҳарбий машқларни номаълум муддатга қолдирди.
Саудия Арабистони чет эллик зиёратчиларнинг муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларига киришини эҳтиёткорлик юзасидан тўхтатмоқда. Саудия Ташқи ишлар вазирлиги, вирус таҳдиди кучайган давлатлардан келувчи сайёҳларнинг мамлакатга кириши ҳам вақтинча тўхтатилишини билдирди.
Ироқда оммавий тадбирлар тақиқланган ва мактаблар, университетлар ҳамда дам олиш масканлари ёпилган. Касаллик ҳолатлари аниқлангандан кейин Кувайт ва Баҳрайн ҳам худди шундай чоралар жорий этди.
Хитойда чоршанба куни коронавирусдан яна 29та ўлим ҳолати қайд этилди — бу январь ойи охиридан бошлаб кузатилган энг кам қурбон сонидир. Бир кун аввал 52та ўлим ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, 26 февраль куни Хитой ҳудудида яна 433 кишида вирус аниқланган ва мамлакат бўйлаб вирусдан зарарланганларнинг жами сони 78 мингдан ошиб кетган.
Англияда вируснинг яна икки ҳолати тасдиқланди — Британияда жами 15 нафар бемор.
Япония бош вазири Синдзо Абэ пайшанба куни ҳукумат баҳорги таътиллар якунига қадар, яъни март ойи охиригача барча ўрта ва бошланғич мактабларни ёпиш таклифини бергани ҳақида маълум қилди.
Эстонияда пайшанба куни коронавирусдан зарарланишнинг илк ҳолати тасдиқланди. Бу Туркия орқали учиб келган Эрон фуқаросидир.
Коронавирус инфекциясининг тарқалиши дунёнинг бошқа қисмларида ҳам давом этмоқда.

«Ваҳимага ўрин йўқ»
Европа комиссияси аъзоси Стелла Киракидес Италия Соғлиқни сақлаш вазири билан учрашувдан кейин журналистларга шундай деди: «Вазият ташвиш уйғотмоқда, аммо ваҳима қўзғашимиз керак эмас. Бу вирус ҳақида жуда кўп нарса номаълум, хусусан, унинг қандай пайдо бўлгани ва қандай тарқалаётгани».

Франция ва Германия ҳукуматлари чоршанба куни вирус билан боғлиқ вазиятни инқироз ва эпидемия сифатида баҳолашди.
«Биз инқироз арафасида турибмиз. Эпидемия яқинлашмоқда», — деган Париждаги Пти-Сальпетриер шифохонасига келган французлар президенти Эммануэль Макрон.

Германияда эпидемия бошлангани ҳақида аввалроқ мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Йенс Шпан чегарадош давлат — Италия соғлиқни сақлаш вазири билан учрашувда айтиб ўтганди.

«Коронавирус Европага етиб келган. Биз шундай ҳолатга тушиб қолдикки, ҳар бир зарарланиш ҳолатини кузата олмаймиз ва бу ҳолатларни тўғридан-тўғри Хитой билан боғлай олмаймиз», — деган у.

Германияда вирусдан зарарланганлар сони 30 нафарга яқинлашган.

Греция — вирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилган мамлакатлар қаторида / REUTERS
Европада аҳвол қандай?
Сўнгги икки кун ичида вирус Австрия, Хорватия, Греция, Норвегия, Швейцария ва Шимолий Македонияда аниқланди. Ҳолатларнинг аксарида Италияга ташриф буюрган одамлар вирус юқтирган.

Коронавирус туфайли кечалари Милан маркази бўшаб қолмоқда, одатда бу ерларда тунги ҳаёт гуллаб-яшнаган / EPA
Грузияда бир нафар бемор даволанмоқда — мамлакат расмийларига кўра, у касаллик тарқалишининг яна бир ўчоғи Эрондан сешанба куни ватанига қайтган Грузия фуқаросидир.

Янги ҳолатлар ҳақида Испания, Франция ва Германия ҳам хабар қилмоқда. Ирландия Олти миллат кубоги доирасида Дублинда ўтказиладиган Италия регби терма жамоасининг ўйинини кейинга қолдирди.

Эрон ва Саудия Арабистонидаги вазият
Европадан ташқарида касалланишнинг янги ҳолатлари Жазоир, Бразилия ва Покистонда қайд этилди. Жанубий Америкадаги илк бразилиялик бемор Эрондан қайтган.

Ироқдаги шиалар учун муқаддас шаҳарлардан бири Нажафда қўшимча эҳтиёт чоралари кўрилган / AFP
Шу билан бирга, Эрон расмийлари ҳозирча шаҳарларга карантин жорий этишни режалаштирмаётганликларини айтишди. Ушбу мамлакатдаги беморлар сони аллақачон 139 нафарга етган — минтақадаги барча давлатларга қараганда кўп.

Эронликлар касалланиш авж олаётган Қум шаҳрига бормасликка чақирилмоқда. Аммо у ерда жойлашган шиа қадамжоларига ҳар йили миллионлаб зиёратчилар ташриф буюради.

Саудия Арабистони Макка ва Мадинага Умра амалини бажариш учун келувчиларга виза беришни тўхтатди. Бундан ташқари, Саудиянинг «ваколатли соғлиқни сақлаш органлари таснифига мувофиқ коронавирус тарқалиши аниқланган» мамлакатлардан келаётган сайёҳларнинг подшоҳликка киришига вақтинча тақиқ қўйилган.

Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, Саудия Арабистони коронавирусга қарши кураш доирасида бошқа мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар, айниқса, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) кўраётган чораларни қўллаб-қувватлашга тайёр.

АҚШда коронавирус илк марта мамлакат ҳудудидан ташқарига чиқмаган фуқарода аниқланган, дастлабки маълумотларга кўра, у касалланганлар билан ҳам алоқада бўлмаган. Америка ҳукумати бу ҳолат ҳақида АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатда вирус тарқалиши олдини олиш учун ўрнатиладиган чекловлар ҳақида маълум қилгач эълон қилди.

АҚШда сўнгги маълумотларга кўра, вирус юқтирган 60 нафар бемор даволанмоқда.
Дональд Трамп чоршанба кунги матбуот анжуманида вице-президент Майк Пенсга касалликка қарши курашни мувофиқлаштириш бўйича кўрсатма берганини айтди.

Трамп АҚШ ҳукумати вирус билан курашишига ва АҚШ фуқаролари учун хавф пастлигича қолишига ишонч билдирди. «Биз бунга мутлақо тайёрмиз», — деган Трамп.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ