Ҳиндистон: масжидга ким ўт қўйди?

0
93

Бу ҳақда zamin.uz
ҳабар беради.


Фото:«AFP»
Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳрида диний низо оқибатида ҳалок бўлганлар сони 34 нафарга етди. Ҳиндуийларнинг мутаассиб гуруҳи Деҳлининг мусулмонлар яшайдиган қисмида босқин уюштирган. Масжидларга ўт қўйилган. Вазият қалтислашиб, икки дин вакиллари тўқнашуви кучайиб кетгач, ҳукумат ҳудудга полиция ва хавфсизлик кучларини юборган.

Диний низо ҳукуматнинг фуқароликка доир янги ташаббуси сабаб бошланди. Гап шундаки, миллатчилик руҳидаги ташаббуслари билан тилга тушган иқтидордаги «Бҳаратия Жаната» партияси Покистон ҳамда Бангладешдан келган муҳожирлар ҳамда қочқинларга қисқа муддатда фуқаролик бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини таклиф этмоқда. Қочқин ва муҳожирларга фуқаролик беришнинг ёмон жойи йўқ, албатта. Аммо партия ташаббусига кўра, мазкур имконият фақат исломдан бошқа динга эътиқод қилувчиларгагина берилади.

Айирмачилик руҳидаги мазкур қонун Ҳиндистондаги кўп сонли мусулмон жамоасининг эътирозига сабаб бўлди ва улар кўчаларда норозилик намойиши ўтказа бошлади.

«Бҳаратия Жаната» миллатчилик партияси етакчиларидан бири Капил Мишра эса ўз тарафдорларини мусулмонларга норозилик намойишлари ўтказишга халал беришга даъват қилди. Шу тариқа ҳиндуийларнинг мутаассиб гуруҳлари мусулмонлар маҳаллаларига бостириб бориб, маҳаллий аҳолини калтаклаб, масжид, уй ва автомобилларга ўт қўя бошлади. Ўзаро тўқнашувларда юзлаб одам жароҳатланди.

Фото:«AFP»
Хабарларга кўра, зўравон гуруҳлар кўчаларда одамларни тўхтатиб қайси динга эътиқод қилишини сўрамоқда. Вазият шу даражага етганки, ҳатто эркакларнинг суннат қилинган ё қилинмагани ҳам текширилмоқда.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди тартиб-интизомни сақлашга чорлаган. Аммо мухолифат айнан ҳукумат раҳбарининг ҳаракатсизлиги сабаб диний низо янада чуқурлашиб кетганини айтмоқда. Қайд этиш жоизки, амалдаги бош вазирнинг миллатчилик руҳидаги бошқа ташаббуслари ҳам баҳс-мунозаралар уйғотган. Дарвоқе, у Гужарат штатига раҳбарлик қилган 2002 йилда шу каби диний низода 1000 дан зиёд мусулмон қурбон бўлган.

Фото:«Reuters»[sup][/sup]
Деҳлида 1984 йилда ҳам диний ихтилоф сабаб қонли тўқнашувлар рўй берган эди. Ўшанда ҳиндуийлар ва сикҳлар ўртасидаги зиддиятда 3000 дан зиёд киши ҳалок бўлган эди.

С.Салим

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ